Республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни ҳамда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан жорий йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, вазирлик томонидан умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар тақиқланди:
— Юқори синф ўқувчилари иштирокида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳар қандай тадбирларни режалаштириш ва ўтказиш;
— Байрам билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш мақсадида ота-оналардан турли хил ноқонуний пул йиғимларини амалга ошириш;
— Мактаб фойеси ва синф хоналарини сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш (ўқувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар бундан мустасно).
— Истисно тариқасида бошланғич синф ўқувчиларига синф раҳбари ҳамда ота-оналар иштирокида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, ўз синф хоналарида, дарс машғулотларига халақит бермаган ҳолда байрам тадбирларини ўтказиш ҳамда мактаб ҳовлисида янги йил арчасини безатишга рухсат берилади.