Андижонда 9 ёшли қизни пичоқлаб, ваҳшийларча ўлдирган аёл 12 йил 4 ой 24 кунга қамалди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, А.Х. 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида кирган. Шу вақтда А.Х. унинг пул олаётганига гувоҳ бўлган 9 ёшли Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.
Шунингдек, А.Х. ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этганлиги ўз исботини топган.
Шундан сўнг, жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун Андижон вилоят судига юборилган.
Бироқ, тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.
Шу тариқа суд ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Х. фақатгина фирибгарликда, яъни, марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.
Хабарга кўра, жорий йил 12 май куни Андижон вилоят прокуратураси томонидан мазкур ҳукмга нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилди.
А.Х. ЖКнинг 97-моддаси иккинчи қисми ва бошқа моддалар билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил кесил 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.