Сўнгги бир неча кунларлардан бери "Қўйлиқ" бозорининг янги қурилган Food City савдо мажмуасига кўчирилиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бектемир тумани туман халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев ҳолат бўйича тушунтириш берди.
“Food City Бектемир тумани ҳудудида жойлашган, шу туманга қарайди — бу бир. Иккинчидан, у ерда шундоқ шароитлар яратилганки, бунақаси, керак бўлса, ўзимизнинг Ecobozorъда ҳам йўқ. Қўйлиқда асфальтга ўтириб сотгандан кўра ўша ерда олиб бориб сотган маъқул. Кадастри борларга, ҳамма зиёни давлат томонидан қоплаб берилади, юз фоиз. Босқичма-босқич ўтилади.
Нарх-наволар ўсиб кетмайдими? деган саволга қуйидагича жавоб бераман: Food Cityъда катта, 6х4 метрли 4 та монитор бор, битта айлантириши 100 миллион сўм. У бозорга қўшимча даромад олиб келади. Биз "фойдангни шундан оласан, паттачидан эмас, сотувчига тегмайсан", деб 3 ой сотувчилардан патент пули олмаслик шарти билан келишдик.
Ҳоким сифатида эмас, бир фуқаро сифатида айтаман: охирги пайтлар бозорга тушсак, доим бир нарсага туртилиб, бир жойга йиқилиб, тан жароҳати олишимиз аниқда. Ўзим ҳам ўша жойдан бозор қиламан, мажбурман шунга. Лекин уни босқичма-босқич кўчирмасак бўлмайди" - деди Маҳамадзияев Тапил Равшанович.