Тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), SK Ecoplant, Posco, Samsung, SK Nexilis, Youngone, KIA Motors, K-water, KT-Net ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатда тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратиш, хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш ишларини давом эттириш кўзда тутилгани ҳамда Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шериги – Корея Республикаси билан барқарор, ишончга асосланган ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни қадрланишини айтди.
Қайд этилишича, икки давлат ўртасида, шу жумладан савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида тизимли алоқалар йўлга қўйилган. Махсус ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул алоҳида департамент тузилган.
Бундай эътибор ва тизимли ишлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилди. Товар айирбошлаш икки баробарга ортиб, 2,2 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётида Кореядан йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Кейинги беш йилда мамлакатимизда Корея сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайди. Бугун улар мингтадан ортиқ. Кореялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистонда умумий қиймати 9 миллиард доллардан зиёд 52 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, “яшил” энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга топшириқ берди.
"Бош мақсадимиз – Корея бизнеси Ўзбекистонда қулай муҳитни ҳис этиб фаолият юритсин", – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этди.
Шу билан Ўзбекистон президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунига етди, давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.