Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директори М.Холмухамедов, Халқ таълими вазири У.Иноятов ва уларнинг ўринбосарларини қабул қилди ва ҳисоботларини тинглади, дея хабар қилинмоқда давлат раҳбари сайтида.
Мулоқот чоғида Президент томонидан ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида берилган топшириқлар ижросининг бориши кўриб чиқилди.
Ўқув режасига кўра, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланди. Касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган 2703 та мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.
Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Шуларнинг 9,5 минг нафари олий таълим муассасалари битирувчилари ҳисобидан, 13 минг нафари лицей ва коллежлар ўқитувчиларини жалб этиш ҳисобидан қоплаш режалаштириляпти.
2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, 10-синфларда дарс берадиган 116 минг нафар ўқитувчининг касбий билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, айни пайтда таълим муассасаларига етказилмоқда.
Таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича вертикал тизим яратилиб, вазирликдан ҳудудларга 14 нафар, ҳудудий халқ таълими бошқармаларидан туман ва шаҳарларга 195 нафар, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларидан ҳар бир мактабга масъуллар бириктирилди.
Бу йил 1-синфга қабул қилинадиган 650 минг нафар ўқувчи учун “Президент совғаси” сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди.
10-11-синфлар жорий этилиб, коллежларда контингент қисқариши муносабати билан мавжуд моддий техника базасидан самарали фойдаланиш мақсадида 7 та коллеж ва академик лицей негизида янги 3 та олий таълим муассасаси филиаллари ва 1 та олий таълим муассасаси ташкил этилмоқда.
Мулоқот чоғида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини ортиқча ҳисоботлар, турли бюрократик топшириқлардан озод этиш, уларнинг илмий салоҳиятларини таълим мазмуни ва сифатини янада яхшилаш, илмий тадқиқот ишларига йўналтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Президент томонидан мутасадди вазирлик ва идора раҳбарларига 25 августга қадар барча таълим муассасаларини янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлашга кўрсатма берилди.