Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Саттаров Сардор “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳасининг вилоят босқичида биринчи ўринни олишига қарамай унга 3-даражали диплом ҳамда ишлатилган, эски ноутбук совға қилинганини айтгани видеомурожаати эълон қилинди.
Нуробод тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг ҳолатга муносабат беришича, мазкур танловнинг туман босқичида С.Саттаров фахрли биринчи ўринни олиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда realme C11 русумли телефон аппарати билан тақдирланган.
"Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи тузилиб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда", - дейилади хабарда.
Шунингдек, Самарқанд вилоят ХТБ расмий сайтида эълон қилинган, вилоят босқичи ғолиблари рўйхатида мурожаат қилиб чиққан ўқувчи Сардор Сатторовнинг исм-фамилияси йўқ.
Вилоят ҳокимлиги ҳам ишчи гуруҳ тузилиб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.