Анвар Ҳусановнинг таъкидича, айни пайтда муассасада коронавирусга чалинган 1300 нафардан зиёд бемор даволанмоқда.
"Афсуски, сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани боис, 5 январдан шифохонага мурожаат қилаётган беморлар сони ҳам кескин ошди.
Ҳозирда муассасага ўртача кунига 300-400 нафар бемор мурожаат қилиб, шундан 200-300 нафари госпитализация қилиняпти. Ваҳоланки, январь ойининг тўртинчи санасига қадар кунига 65-70 та мурожаат бўлиб, шундан 70 фоиз бемор даволанишга ётқизилган", - деди Ҳусанов.
Маълум қилинишича, бугунги кунда муассасага мурожаат қилаётганларнинг аксарияти енгил даражадаги беморларни ташкил қилмоқда. Уларда касаллик асосан иситма, бўғимларда оғриқ, бош оғриғи, ҳолсизлик каби оддий респиратор белгилар билангина намоён бўляпти.
Шунингдек, 5 январдан бошлаб шифохонага келаётган 90-95 фоиз беморда сатурациянинг пасайиши ва ўпканинг зарарланиши кузатилмаган. Вируснинг жиддий асоратлар билан кечиши нисбатан кам. Ўпкада зарарланиш деярли кузатилмаяпти.
"Даволаниш муддати эса қисқариб, ўртача 5 кунни ташкил қилмоқда. Энг муҳими, оғир аҳволдаги беморларни даволашда ишлатиладиган вирусга қарши ремдесивир ва бошқа дори воситаларига бўлган эҳтиёж камайди.
Натижада, бугунги кунда 190 ўринга мўлжалланган жонлантириш бўлимида даволанаётган беморлар сони сезиларли даражада қисқарди. Ваҳоланки, “дельта” штамми авж олган ўтган йил ёз ойларида реанимацион бўлимларда беморлар сони анча кўп эди", - таъкидлади Анвар Ҳусанов .