Аввалроқ, ижтимоий тармоқда ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолатга ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизмати муносабат берди.
Маълум бўлишича, 2022 йил 22 январь куни соат соат тахминан 12:20 да Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида ЙПХ ходими Д.Тошев томонидан Matiz ҳайдовчиси тўхтатилган.
Текширув давомида ҳайдовчи йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиши, унинг ёнида кунлик йўл варақаси мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Шундан сўнг, ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилган. Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кетилаётган вақтда эса 1993 йилда туғилган ҳайдовчи А.Т. ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ва тортишувли вазият юзага келган.
Ҳолат содир бўлган жойга туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ва прокуратура ходимлари чиқиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.