ФВВ Матбуот хизматининг хабарига кўра, бугун, 6 февраль куни соат 18:28 да Жиззах вилояти М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи 977-километрида ҳаракатланиб кетаётган юк машинасида ёнғин содир бўлган.
Маълумотга кўра, ёнғин қутқарувчилари манзилга соат 18:45 да етиб боришган. Юк автомобилида кўп миқдорда енгил алангаланувчи ва ёнувчи маҳсулотлар (лак-бўёқ) бўлганлиги сабабли ёнғинни ўчиришга қўшимча куч ва воситалар жалб этилди. Айни вақтда ёнғин тўлиқ бартараф этилиб, ёнғиндан кейинги ишлар бажарилмоқда.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.