Бугун Миллий Олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Маҳситов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари, ушбу спорт тури мутахассислари иштирок этишди.
Даставвал Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдуҳакимовнинг лавозимидан озод этиш ҳақидаги аризаси делегатлар томонидан қаноатлантирилди. Сўнгра, федерация раҳбарлигига "Ўзбекнефтегаз" АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев номзоди илгари сурилди.
Иштирокчилар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Мехриддин Абдуллаев енгил атлетика федерациясининг раиси этиб сайланди.
Шунингдек, "Ўзбекнефтегаз" АЖ Бошқарув раиси маслаҳатчиси, бошқарув аппарати раҳбари Камолиддин Усмонов федерация раисининг умумий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директори Акбар Фозилов молиявий ишлар бўйича раис ўринбосари, Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони Андрей Абдувалиев эса спорт масалалари бўйича раис ўринбосари этиб сайланишди.
Федерация раиси сифатида янги сайланган Меҳриддин Абдуллаев ушбу спорт турини янада ривожлантириш ва ёшлар ўртасида оммалаштириш, федерация инфтарузилмасини яхшилаш, терма жамоаларни йирик комплекс мусобақаларга муносиб тайёрлаш борасида бор куч ва имкониятини ишга солишга ваъда берди.