Тошкентда икки фуқаронинг жанжали ўлим билан тугади. Бу ҳақда Тергов департаменти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аниқланишича, 2022 йил 7 февраль куни 43 ёшли Ю.О. ва Б.Э.лар Бектемир тумани Мажнунтол маҳалласида жойлашган хонадонга таъмирлаш ишларини олиб бориш учун келишган.
Шу куни соат 17:00 ларда иккисининг ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида, ўзаро жанжаллашиб, Ю.О. резинадан ишланган қувур (шланг)нинг бўлаги билан Б.Э.нинг танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Натижада, Б.Э. олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан у вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ю.О.га нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун ЖКнинг нормаларига кўра, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.