Пойтахт кўчаларини тартибга келтириш ва велойўлакларни янада кўпайтириш мақсадида Яккасарой туманининг Бобур кўчасида ҳам йўл таъмирлаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ислом Каримов ва Бобур кўчаси кесишмасидан Бобур кўчаси бўйлаб Бобур ва Нукус кўчалари кесишмасигача бўлган оралиқда велойўлак барпо этилади.
Шунингдек, автомобиллар қатнов қисмининг ўртасида бордюрлар билан мустаҳкамланган яшил майдонлар ташкил қилинади. Таъмирлаш ишлари жараёнида қатнов қисмининг битта йўлаги қисман ёпилиши мумкин.