Ҳуқуқни-муҳофаза қилувчи орган ходимлари Самарқанд вилоятида бир қатор жиноятларни содир этган уюшган жиноятчиларни қўлга олди.
"Макар" лақабли 1978 йилда туғилган Жуманиёзов Махмуд Қадамбой ўғли 1975, 1984, 1985 ва 1989 йилларда туғилган беш нафар фуқароларни атрофига бирлаштириб жиноий гуруҳ ташкил қилади.
Улар 2021 йилнинг апрель ойида бир фуқарога тан жароҳати етказиб, Malibu автомашинасида мажбуран Чўпон ота тепалигида жойлашган ҳовлига олиб бориб, 3 кун давомида таҳқирлаб келишган. Бу ҳолатни тасвирга олиб, ушбу воқеалар бўйича шикоят қилса ёки қарзларини талаб қилса видеоларни ижтимоий тармоқларга тарқатиш билан қўрқитишган.
Аниқланишича, 2021 йилнинг февраль ойида жабрланувчи "Макар"га берган қарзини талаб қилганида, уни умумий овқатланиш жойларидан бирига олиб кириб ўлдириш билан қўрқитиб, пулларини бермаслигини айтиб дўппослаган. Жабрланувчи эса "Макар"нинг гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиши ва тарқатиши ҳақидаги маълумотларни керакли жойга етказишини маълум қилган.
"Макар" қарзларини қайтармаслик мақсадида шериклари орқали жабрланувчини алдаб чақириб, ўлдириш билан қўрқитиб, калтаклайди ва унинг иккита телефон хотирасидаги гиёҳвандлик моддалари савдоси бўйича далиллар бор деган гумонда уларни синдиради.
Ўтказилган тадбир давомида "Макар"нинг жиноий шеригининг Spark автомашинасида гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Бундан ташқари "Макар" ўзига тегишли бўлган ер майдонига таниш тадбиркорларни жалб этиб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда қурилиш ишларини амалга оширганлиги аниқланди. Ҳолат бўйича Самарқанд прокуратураси томонидан "Макар" ва унинг жиноий шерикларига нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб қамоққа олинди. Судланувчи Жуманиёзов Махмуд Қадамбоевич ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми "и" банди, 28-137-моддаси 2-қисми "б" ва "в" бандлари ва 28-138-моддаси 2-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан суд томонидан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Унинг 5 нафар жиноий шериклари эса, 5 ярим йилдан 7 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Навбатдаги уюшган жиноий гуруҳ етакчиси 1989 йилда туғилган "Иси" лақабли Пишманов Мирисмоил Аловсат ўғли Самарқанд шаҳридаги бир нечта тунги клубларни бошқариб, атрофига спортнинг Самбо ва Муайтай спорт турлари билан мунтазам равишда шуғулланиб келган 1989, 1997, 1985 ва 1983 йилларда туғилган тунги клуб ишчи ходимларини жиноий тўдага бирлаштиради. Улар турли зўравонлик, фирибгарлик ҳамда товламачилик жиноятларини содир этиб келади.
2021 йилнинг 2 июнь куни фуқаро ўзининг автомашинасида, Самарқандда жойлашган озиқ-овқат дўконига борган вақтда "Иси" маст ҳолатда унинг автомашинасини олиб қочмоқчи бўлади. Мақсадига эришолмаган "Иси" жабрланувчини ҳақоратлаб қилиб, унга тан жароҳати етказади. 2021 йилнинг 6 июнь куни эса, "Иси" ва унинг жиноий шериклари яна ўша жабрланувчини ушлаб олиб, бўйнидан бўғиб, юз ва бош қисмига тан жароҳатлари етказади.
"Иси" озиқ-овқат дўконига кириб, дўкон сотувчиларини ҳеч бир сабабсиз ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказиш йўли билан қўрқитиб, дўкондаги маҳсулотларни ҳар томонга улоқтиради ва дўкондан қимматбаҳо маҳсулотларни олиб чиқиб кетади.
Пишманов Мирисмоил енгил табиатли қизлар орқали тадбиркорларга бўхтонлар уюштиради ва 5 минг АҚШ долларигача пул беришини талаб қилади. "Иси"га тегишли бўлган барча тунги клублар электр тармоғига ноқонуний улангани, акциз маркасиз спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотиб келганлиги маълум бўлди.
Олиб борилган тинтув жараёнида "Иси"га қарашли тунги клубларнинг бирида ишлайдиган ишчининг ёнидан 1000 сўмлик купюрага ўралган марихуана гиёҳвандлик воситаси аниқланиб ҳужжатлаштирилди.
Ҳолат юзасидан "Иси" ва унинг жиноий шерикларига нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб қамоққа олинди.
Судланувчи Пишманов Мирисмоил Аловсат ўғли ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми "в"банди, 166-моддаси 1-қисми, 168-моддаси 3-қисми "б" банди ва 277-моддаси 2-қисми "б" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-61-моддаларига асосан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг жиноий шерикларидан бир нафари 5 йил муддатга қамалди, қолган 3 нафарига нисбатан турли жазо чоралари қўлланилди.