Ўзбекистон элчихонасига тегишли бўлган микроавтобус Ўзбекистон фуқароларини Харковдан эвакуация қилаётган пайтда шрапнел (думалоқ ўқлар билан тўлдирилган артиллерия снаряди) парчаси келиб урилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов маълум қилди.
"Харковда элчихонага тегишли дипломатик микроавтобуснинг олди ойнасига, ён томонни кўрсатувчи ойналарига снаряд парчаси зарар етказган. Шрапнел тушган дейишди", - деди элчи.
Алишер Курмановнинг айтишича, ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланмаган.
"Дипломатимиз талабалар билан биргаликда поездга чиқиб, Львовга етиб олиши керак эди. Харковдан машинада чиқиб кетиш жудаям қийин ва хатарли эди. Машинада етиб боролмасдик. Биз имкон қадар манзилга тез боришимиз керак эди. Машинага зарар етган, унинг устига ёнилғи ҳам тугаганди. Шу сабабли микроавтобусни вокзалда қолдирдик”, - деди Алишер Курманов.
Элчининг сўзларига кўра, вазият тинчиганидан сўнг ўзбек диаспораси вакилларидан машинани бошқа жойга олиб қўйиш илтимос қилинади.