Ўзбекистон разведкачилари Покистонда ўтказилган халқаро мусобақада рекорд натижа билан ғолиб бўлишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Покистон ҳудудида жорий йилнинг 1 мартидан бошланган В Халқаро "Жамоа руҳи" мусобақасида иштирок этди.
Мусобақа Покистон Қуролли Кучларига қарашли 22-армия корпуси Терроризмга қарши курашиш миллий ўқув маркази ("Пабби" ш.) базасида ўтказилди.
Унда 9 та давлатдан Марокаш, Иордания, Кения, Саудия Арабистони, Туркия, Шри-Ланка, Непал ва Ўзбекистон, шунингдек Покистондан 8 та разведка гуруҳлари, жами 16 та разведка жамоалари ўзаро беллашишди.
Мусобақа шартларига кўра, жамоалар 80 км.гача бўлган маршрутнинг 6 та назорат нуқтасида азимут бўйича ҳаракатланиб, назорат нуқталарида тактик-махсус, отиш, тиббий, алоқа, муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуроллардан ҳимоя ва ҳарбий топографиядан турли махсус машқларни, шунингдек кутилмаган тестларни ечиш машқини бажардилар.
Мусобақа якуни бўйича:
1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси жамоаси (2 850 балл);
2-ўрин – Марокаш жамоаси (1 860 балл);
3-ўрин – Шри-Ланка (2 010 балл) ва Саудия Арабистони (1 900 балл).
Шри-Ланка ва Саудия Арабистони жамоаларига жарима баллар белгиланганлиги сабабли 3- ўрин берилди.