Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, жорий йилда аҳолини буғдой ва ун маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида республикада 1 млн 27 минг гектар ер майдонида буғдой экилди, натижада жорий йилнинг июнь-июль ойларида 7 млн 679 минг тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўп.
Ўтган йил ҳосилида 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2 млн 533 минг тоннаси республика дон захиралари учун "Ўздонмахсулот" AЖ ҳудудий корхоналарида жамғарилган, 4 млн 123 минг тоннаси фермер ва аҳоли ихтиёрида қолган.
2021 йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан импорт қилинган ҳамда 26,8 минг тонна буғдой дони (Тожикистонга 94% ва Қирғизистонга 6%) ва 949,1 минг тонна ун (1 млн 265 минг тонна буғдой ҳисобида) Aфғонистонга экспорт учун йўналтирилган.
Жорий йилда аҳолини шакар маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида республикада 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
2021 йилда 595,5 минг тонна шакар (2020 йилга нисбатан 315,1%) "Aнгрен шакар" МCҲЖ ва "Хоразм шакар" МCҲЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилди.
Мазкур корхоналар томонидан 2021 йил ва 2022 йил январь-февраль ойларида товар хомашё биржасига аҳоли эҳтиёжини қоплаш мақсадида ҳар ойда 30 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда шакар савдога қўйилган.
Ўтган йил якунига қадар 23 минг тонна шакар (ўтган даврга нисбатан 344 минг тоннага камайган) ва 620 минг тонна шакар хомашёси (ўтган даврга нисбатан 423 минг тоннага ошган) Бразилиядан импорт қилинган ва 25 тонна шакар Aфғонистонга экспортга йўналтирилган. Россия Федерацияси томонидан киритилган вақтинчалик чекловлар мамлакатда мазкур маҳсулотлар ҳажмига таъсир кўрсатмайди.
Президентнинг ПҚ–3818-сон қарорига кўра оқ шакар импортига божхона қийматининг 20 фоиз миқдорда божхона божи ставкаси ҳамда Солиқ кодексининг 289-моддасига асосан 20 фоиз миқдорда аксиз солиғи ундирилиши белгиланган.
2022 йил март-май ойларида таъминотчилардан яна қарийб 180 минг тонна хомашё етиб келиши айтилди. Бундан ташқари жорий йилнинг июнь-октябрь ойларида 200 минг тонна шакар хомашёси олиб келиш режалаштирилган.
Республикада аҳоли ва корхоналарнинг талабини узлуксиз, етарли миқдорда ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ички бозорларда нархларнинг кескин ўзгаришининг олдини олиш тўлиқ таъминланган.