Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Давлат раҳбари ўз нутқида уларни умумлаштириб, 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди. Биринчи йўналиш – бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, иккинчиси – тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, учинчиси – тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, тўртинчиси – соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, бешинчиси – шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш, олтинчиси – жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш, еттинчиси – касалликларнинг олдини олишга қаратилган.
Хусусан, нафақага чиққан тажрибали шифокорларга ўз уйида ёки ижара бинода даволашига рухсат берилади.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилинади.
Энг аввало, “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Тез ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. 2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади.
Мамлакатда энг зарур бўлган дори-дармон воситалари нархини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича барча чоралар кўрилади.
Барча тиббиёт муассасалари янги компьютерлар билан жиҳозланади. Қоғозбозлик қисқартирилиб, замонавий услуб ва ускуналарда ишлашга ўтилади.
Жорий йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади. Барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади.
Тиббиёт олийгоҳларида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, оилавий шифокорларни ҳудудларда зарур мутахассислик бўйича мақсадли ўқитиш йўлга қўйилади. Барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади.
Барча ҳудудларда Ибн Сино марказлари ташкил этилиб, улар томонидан мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олийгоҳларда халқ табобати ва соғлом турмуш тарзини ўқитиш йўлга қўйилади.
Фидокорона ишлаган тиббиёт ходимлари мукофотланади. “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади.
Бундан буён тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” деган тамойил асосида молиялаштиришга ўтилади.