Ўзгидромет хабарига кўра, бугун, 25 март кундузи ҳаво +16…+19 даражагача, жанубда эса баъзи жойларда +22…+25 даражагача исийди. Фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади.
Эртага, 26 март куни Ўзбекистонга яна нам ва салқин ҳавонинг бир қисми кириб келади. Республиканинг шимолидан ташқари барча вилоятларда яна булутли ва ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. Кундуз куни ҳарорат +12…+15 даражагача пасаяди.
25 ва 26 мартда республиканинг айрим жойларида шамол 18-23 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Якшанба, 27 март куни республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғиши тўхтайди, фақат кечаси ва эрталаб Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
Дам олиш кунлари тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши, тоғларда қор кўчиши хавфи бор.