2021 йил 18 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабасини Тошкентда университетнинг декан ўринбосари талаба қизни зўрлашда ҳамда уни бинонинг деразасидан пастга итариб юборишда айблангани ҳақида хабар бергандик.
Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, декан ўринбосарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари 4 март куни якунланган, томонлар иш ҳужжатлари билан таништирилган.
8 март куни жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, Яккасарой туман прокуратурасига юборилган. 10 март куни эса жиноят иши прокуратура томонидан жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судига юборилган.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 19 октябрь куни декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан ЖКнинг 118 (номусга тегиш) ва 105-моддалари (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганди.