ДХХнинг кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотмоқчи бўлган бир нечта шахсларни ушлади.
Пойтахт томон ҳаракатланган Фарғонада яшовчи шахс бошқарувидаги Nexia Тошкент вилоятининг “Чинор” ЙПХ масканида тўхтатилганда автомашинада 1196 дона “Тропикамид”, 5544 дона “Регапен” ва 56 дона “Лирика” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур дори воситаларини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди.
Шунингдек, Қирғизистондан олиб келинган дори воситаларини Тошкент шаҳрига бериб юборган, Наманган вилоятида яшовчи шахс ҳам Андижон вилоятида ушланиб, унинг Nexia'сида бўлган 1002 дона “Тропикамид” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lacetti тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида бўлган 495 дона “Тропикамид” дори воситалари ўрнатилган тартибда олиб қўйилди. Шунингдек, ушбу дори воситаларининг эгаси — Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган шахс қўлга олинди.
Учтепа туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt'дан эса 1680 дона “Регапен” дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, Наманган вилоятида яшовчи шахс бошқарувидаги Nexia-3 Шайхонтоҳур тумани ҳудудида тўхтатилди ва унда 198 дона “Тропикамид” дори воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек, уларни сотиб олмоқчи бўлган, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи, 1965 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадонидан 50 дона “Тропикамид” ва 56 дона “Регапен” дори воситалари олинди.