2022 йил 1 декабрдан бошлаб ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Бу бўйича тегишли тартибни ўз ичига олган президент қарори қабул қилинди.
Янги тизим қуйидагича ишлайди:
- ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
- ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
- муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Шавкат Мирзиёев йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари учун жариманинг балл тизими жорий этилиши ҳақида айтганди.