Аввалроқ, Тошкент – Aндижон йўналишида ҳаракатланаётган поездга номаълум кимса томонидан тош отилиши сабаб 9 ёшли боланинг боши ёрилгани ҳақида хабар бергандик. Поездга тош отган эркакнинг шахсига аниқлик киритилди.
10 апрель куни соат 22:25 да Тошкент–Андижон йўналишида ҳаракатланаётган 62-сонли йўловчи поездига номаълум шахс томонидан отилган тош 6-вагон ойнасини ёриб ўтиб, 9 ёшли йўловчининг бошига текканди.
Ушбу воқеадан сўнг қоидабузарга нисбатан қидирув эълон қилинган. Фарғона вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан борилган тезкор қидирув ишлари натижасида бу ишни 50 ёшли фуқаро маст ҳолатда қилгани аниқланган ҳамда у қўлга олинган.
"Темир йўл ёнига балиқ овлагани боргандим ва спиртли ичимлик ичганим сабаб поездга тош отдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Боланинг оила аъзоларидан кечирим сўрайман", - дейди у.
Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.