Кеча, 12 май куни Қозоғистонда Ўзбекистон автобуси ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ташқи миграция агентлиги Матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳодиса оқибатида 2 киши вафот этган, 4 киши реанимация, 13 киши эса травматология бўлимига жойлаштирилган.
Ташқи ишлар вазирлигининг хабарига кўра, автобусда 53 нафар йўловчи, шу жумладан 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Воқеа оқибатида 2 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди.
Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Ҳозирги вақтда автобуснинг барча йўловчилари рўйхати шакллантирилиб, ҳодиса Ўзбекистоннинг Олма-отадаги Бош консулхонаси меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташеси томонидан назоратга олинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари ёрдам сўраши мумкинлигини эслатди.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллигига +77779504422 ёки +77779504433 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.