Излаш
RUUZ

Жамият

Оққўрғонлик 3 болани ўлдирган "маняк"ка ҳукм ўқилди

Тошкент вилоятида уч қўшнисининг болаларини ўлдирган шахс умрбод қамалди.

4543views0replies
0

facebook.com/prokuraturauzb

Инсонга хос энг гўзал туйғулардан бири бу — меҳр-оқибатдир. Одамзод табиатан бир-бири билан меҳр ва оқибат ришталари орқали боғланган. Жамиятда юксак даражада қадрланадиган ушбу фазилат сабаб оилаларимиз файзли, маҳаллаларимиз обод, мамлакатимиз тинч ва барқарордир.
Афсуски, ҳаётда ана шундай олижаноб инсоний туйғулардан мосуво, қал­би мажруҳ ким­салар ҳам учраб турар экан. Зокирни (исм­-фамилия­лар ўзгартирилган) ўзининг мудҳиш қилмишларидан лаззатланиши ортидан оғир жиноятларни содир этаверадиганлар тоифасидан, деб ҳеч ким ўйламаганди. У қўл урган мудҳиш жиноятлар тафсилотини ҳикоя қилиб бериш осон эмас.
Оққўрғонлик бу кимса уч боланинг умрига зомин бўл­ган. Бу қотилликнинг сабаби эса, асоссиз ғазаб ва нафрат, холос. Аслида, унинг қалбида меҳр-оқибатнинг ўзи йўқ. Ниҳоятда оғир ўтган суд жараёнларида у ақл бовар қилмас ваҳшийликларига иқрор бў­либ, мурғак қалб эгаларининг умрига қай тарзда зомин бўлганини бафуржа айтиб берганлигини эшитишнинг ўзи бир азоб эди...
Биринчи қотиллик 2010 йил июнь ойи ўрталарида содир бўлган. Ўшанда соат 10:30 эди. Зокирнинг ишга кетишига яна бир соат вақт бор. У уйи­да ҳеч ким йўқлиги учун зерика бошлайди. Вақтни ўтказиш мақсадида кўчага чиқади.
Маҳаллада ҳеч ким йўқ. Шу пайт қўшниси Алижон аканинг уйидан 7 ёшдаги Шерзод исмли бола чиқиб қолади.
Шунда қўшнисининг "Укам оилада ёлғиз ўғилсан, ёшинг ҳам ўтиб бораяпти, тезроқ уйлангин, ширин-шакар фар­занд­лар қувончидан ортиқ бахт борми дунёда?!", деган гаплари ёдига тушади. Ўринли айтилган маслаҳат негадир ўшанда Зокирнинг қаҳрини келтирганди. Энди эса, қўш­нисининг бегуноҳ фарзандини кўриб ғазаби яна алангаланади. Шу сабабми унинг ўғ­лини ўлдириш орқали қўш­нисига азоб-уқубат етказишни ўйлади.
Зокир тезда Шерзодни алдаб ёнига чақирди. Болакай чопқиллаб унинг ёнига келди. Унга яхши гапириб, ҳовлисига олиб кирди.
Айвон ёнига етганида тўхтаб, кутилмаганда у боланинг юзига зарб билан тўрт марта мушт туширди. Аёвсиз зарбалар таъ­сирида Шерзод чайқалиб ерга йиқилди. Шунда Зокир айвонга илиб қўйилган сочиқни олиб, болани бор ку­чи билан бўғиб, 2-3 дақиқа ушлаб турди. Охир-оқибат бегуноҳ гўдак ёвуз кимсанинг қўлида питирчилаганча ҳаётдан кўз юмди.
Зокир болакайнинг ҳаётдан кўз юм­ганига ишонч ҳосил қилгач, унинг мурдасини эски ҳожатхонага ташлаб юборди. Сўнг ҳеч нима бўлмагандек, юз-қўлини ювиб, уй кийимини алмаштириб, кўчага чиқди. Бу пайт соат 11 дан ошиб қол­ган эди.
Бироздан сўнг автобус келиб, у ишга кетди. Орадан, тахминан, бир ҳафталар ўтиб, у мурда ташланган ҳожатхонани бузиб, ҳовлининг бош­қа томонидан янги ҳожатхона қурди.
Буни қарангки, мудҳиш қотилликка қўл урган Зокир қўшнисининг уйига кириб, турли баҳоналар билан воқеалар ри­вожини билиб туришдан ҳам тап торт­мади. У ўзини фош қилмасликка уриниб, қўшнисининг уйида марҳум норасиданинг суннат тўйи видеотасвирини томоша қилган вақт­ларида фарзанди тез орада топилишини айтиб, ота-онани юпатгандек бўлди. Қо­тил қурбонининг расмларини кўриб ўтирганида ҳам сесканмади. Шерзоднинг уйдагилари, маҳалладагилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эса, болани бедарак йўқолган деб ўйладилар.
Иккинчи ваҳшийлик 2014 йил август ойида содир этилди. Зокир кўчадан челакда сув олиб келаётганида, бошқа қўшниси Шокир аканинг 9 ёшдаги ўғли велосипед миниб, айланиб юрганлигига кўзи тушиб қол­ди.
Ўшанда Алижон ака берган маслаҳатни Шокир ака ҳам қўллаб-қувватлаган эди.
У ҳам "Тезроқ уйлан, тўй ошини еб, бир маза қилайлик", деганди. Шу лаҳзада қотил бу қўшнисининг ҳам Алижон акага ўхшаб азоб-уқубатда изтироб чекишини ўйлади. Унинг боласини ҳам ўлдириш орқали аламини олишни кўзлайди.
Мудҳиш режасини амалга оширишга уйида ҳеч ким йўқлиги яна қўл келди. Бу вазиятдан тезроқ фойдаланиш ҳаракатига тушиб, болани алдаб уйига олиб кирди. Тузоққа тушганини анг­ламаган бола кўзи қонга тўлиб бораётган ваҳшийнинг ишорасидан велосипедини ерга қўйди. Буйруқни бажаришга улгурмасданоқ юзига тушган кучли зарбдан гандираклаб кетиб, ҳовлидаги шағал устига йиқилди. Боланинг ўлганлигига ишонч ҳосил қилгач, қотил мурдани ҳовлидаги янги ҳожатхона чуқурига ташлаб юборди.
Қотил мудҳиш қилмишини ими-жи­мида амалга оширгач, ҳовлига чиқди-да унинг велосипедини яшириб қўйди. Кейин, одатдагидек, юз-қўлларини ювиб, уйга кириб хотиржам телевизор томоша қила бошлади.
Учинчи жиноят эса, орадан 3 йил ўтиб, яъни 2017 йилнинг 28 ноябрь куни содир этилди. Ўша куни у яна уйда ёлғиз ўзи қолди. Соат 11:30 атрофида томорқада кўлида кетмон билан ариқ очаётганди. Шундоққина ён қўшниси Зафар аканинг 3 ёшли ўғли Олимжон унинг ёнига ке­либ, ҳаракатларини ҳайрат ва қизиқиш билан томоша қила бошлади. Болакайнинг мунчоқ кўзлари, ўзига ярашган кокили яна ўша аламли суҳбатларни қо­тилнинг ёдига туширди.
Зокирни тезроқ уйланиши кераклиги ҳақидаги маслаҳатларни Зафар ака ҳам айтганди. Шунинг учун ундан ҳам ўч олиш мақсадида қўлидаги кетмоннинг орқа қисми билан Олимжоннинг бошига кучли бир зарб билан урди. Шу орада "Олимжон, болам, қаердасан?" — деб меҳр билан боласини чақираётган онанинг овози эшитилди. Қотил дарҳол болани ҳовлидаги омборхонага яшириб қўйди. Бу пайт мурғак гўдакнинг жони узилмаган эди. Буни кўрган ваҳший эса, уни бўғишга тушди. Сўнгра ҳовлининг бир четида ўра қазиб, бола мурдасини кийимлари билан бирга ўша ерга кўмиб ташлади.
Орадан бироз ўтгач, у қўшнисининг уйига чиқди. Унинг ортидан фарзандидан хавотир ола бошлаган она бир аҳволда кириб келди. Аёл ундан турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини бериб туришини сў­ради. Ҳеч нимани билдирмасликка уринаётган ваҳший эса, телефонининг пули йўқлигини айтди.
Шу пайт кўчада яна бир қўшни — Раҳима исмли онахон келиб қолди. Кўнгли нотинч она Раҳима холага ҳам ўғли Олимжон йўқолиб қолганини йиғламсираб айтиб берди. Турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини бериб туришини сўраган вақтида қотил "Зафар акани янги телефон рақамини биламан, ўзим телефон қилиб бераман" деб, Раҳима холанинг телефонини қўлидан тезда олди.
Айни шу вақтда у жиноятини фош қиладиган ҳаракат қилди. Телефон рақамини тера бошлаганда, содир этган мудҳиш қотиллигидан ваҳимага тушганидан қўллари қалтирашдан тўхтамади. Рақамларни тера олмаётганини кўрган Раҳима хола унга қалтирамаслигини, тезроқ қўнғироқ қилиб беришини айтди. Шунда у руҳий ҳолатини яширишга зўр бериб, телефонни қулоғида ушлаб турди. Бироз вақт ўтиб ҳеч ким жавоб бермаётганлигини айтиб, телефонни эгасига қайтарди.
Зафар акага қўнғироқ қилаётгани, лекин жавоб бермаётгани, агар ишхонага кириб кетган бўлса, телефонни ўчириб қўйишини айтди. Шунда қўшни аёл унга эътироз билдириб, "Акангиз ҳали ишхонага етиб бормади, узр, сизни ҳам йўлдан қолдирдим", деганча Раҳима хола билан бирга ўғлини излаб маҳалла бошига кетишди.
Бола йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳолат маҳалладагиларни ниҳоятда ваҳимага солиб қўяди. Тезда бу ҳақда ички ишлар бўлимига мурожаат қи­лишди.
Мана шунда кўпни кўр­ган, ҳаётда бой тажриба орттирган Раҳима онахон Зокирнинг телефон рақамини тераётган вақтидаги ҳолатини айтиб, ундан шубҳалан­ганли­гини ички ишлар ходимларига айтиб беради...
Балки сиз бу ваҳший қотилнинг иқроридан уни ақли заиф бўлса керак, деган хаёлга боргандирсиз? Йўқ, асло бундай эмас! Аксинча, у соппа-соғ. Буни шу ҳақдаги суд-тиббий экс­пертиза натижалари ҳам тасдиқлаб турибди. Бинобарин, ақли жойида бўл­гани учун ҳам суд жараёнларида ашёвий далилларни олиш, ҳовлисидан болалар жасади топилгани тасвирларни кўрган вақтида муд­ҳиш жиноятининг руҳий азоби таъсиридан бир неча бор тоби қочди.
Албатта, бу қалби мажруҳ кимса қилган жиноя­тига яраша қонуний жазога тортилди. Бироқ унинг жирканч қилмишлари ки­ши юрагини ларзага солади.
Ахир, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган норасидаларда нима айб?!
Қолаверса, уларнинг оталари ҳам Зокирга ёмон гап айтмаган эди-ку! Наҳотки, бир оғиз насиҳат учун шунчалик адоватга бориш мумкин?! Бундайларни одам деб аташга ҳам кишининг тили бормайди.
Кечиримлилик, бағрикенглик туйғулари халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Бироқ бундай қабиҳликка қўл урган кимсани ҳеч ким, ҳатто узоқ-яқин қавму қариндошлари ҳам кечирмаса керак. Зеро, фақатгина инсонийлик — инсон зийнатидир.
Дилшод ТОЖИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилояти судининг раиси
4543views0replies
0

Изоҳлар