Излаш
RUUZ

Жамият

Адлия вазирлиги илк марта электрон қонун ҳужжатини қабул қилди

Адлия вазирлиги томонидан ССВ имзолаган электрон ҳужжат қабул қилинди. Ушбу ҳужжат фуқароларга таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ўзларининг хоҳишига асосан сотиб олишларига имконият яратади.

1036views0replies
0

project.gov.uz

Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон тарихида илк электрон ҳужжат қабул қилинди ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Адлия вазирлигининг ташаббуси билан 2019 йилдан бошлаб қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, вазирликлар ва идоралар ўртасида келишиш электрон тизим орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган эди.
Ўтган давр мобайнида 5874 та лойиҳалар мазкур тизим орқали электрон тарзда келишилди, шундан 5797 таси вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
"Бугун қонун ижодкорлиги соҳасида рақамли технологияларни жорий этишнинг янги босқичига ўтилмоқда. Мазкур ҳужжат соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган бўлиб, унга асосан тиббиёт ходимлари томонидан беморларга рецепт ёзишда дори воситаларининг савдо номини эмас, балки унинг таркибидаги таъсир қилувчи моддаларни ёзиш талаб этилади. Бу эса фуқароларга таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ўзларининг хоҳишига асосан сотиб олишларига имконият яратади, шунингдек тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларни, тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги ноқонуний келишувларни олдини олишга хизмат қилади", – дейилади хабарда.
Электрон тизимнинг афзалликлари
Ушбу тизимнинг жорий этилиши бир қатор қулайлик ва енгилликлар яратади:
– Адлия вазирлигига киритилаётган ҳужжат қоғоз шаклида берилмайди ва муҳр билан тасдиқланмайди;
– вазирлик ва идоралар билан келишиш учун электрон рақамли имзодан фойдаланилади;
– ҳужжатлар бир вақтнинг ўзида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади;
– ҳужжатларни қабул қилиш учун алоҳида адлия вазирининг буйруғи қабул қилинмайди, улар уникал рақам берилган ҳолда электрон давлат реестрига киритилади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилади;
– давлат рўйхатидан ўтказилган ҳужжатлар автоматик равишда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида чоп этилади.
Электрон тизимга ўтишдан мақсад нима?
Ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг электрон тизимига ўтиш “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширилган муҳим қадамлардан бири бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қоғозсиз ҳужжат алмашинувини кенгайтириш, бюрократияни қисқартириш, бу соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ва норматив ҳужжатлар қабул қилиш жараёнини шаффоф ва тез амалга оширишга хизмат қилади.
1036views0replies
0

Изоҳлар