Uz

Диплом шунчаки «қўшимча» вариантми? Нега тобора кўпроқ ўзбекистонликлар ўз мутахассислиги бўйича ишламаяпти

Тўрт йил ўқиш, олий таълим олганлик ҳақида диплом, кейин эса мутлақо бошқа касбда ишлаш. Айримлар учун бу онгли танлов, бошқалар учун эса – зарурат. Биз диплом нега кўпинча қўшимча вариант сифатида қолаётганини тушуниш учун ўқиган мутахассислигидан бошқа касбда ишлаётган одамлар билан суҳбатлашдик.

Бугун, 15:15

«Диплом қўшимча вариант эди»

Абдуазим болалигида футболчи бўлишни орзу қилган. Лекин у вақтларда Ўзбекистонда футбол ҳозиргидек ривожланган эмас эди ва у ушбу соҳада карьера қуриш учун арзирли истиқболларни кўрмаган.

Севимли иши билан хорижда шуғулланишнинг ҳам иложи бўлмаган: бунинг учун унинг оиласининг қурби етмайдиган $5000 дан ортиқ маблағ талаб қилинган. Мактабни тугатгандан кейин Абдуазим Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга кирган.

«Мен шунчаки уйдагилар айтгани учун ўқишга кирганман. Бизда ҳаётда яхши ўринга эга бўлиш учун мактабдан кейин албатта институтда ўқиш керак деб ҳисоблашади», – дейди у.

Бошиданоқ Абдуазим мутахассислиги бўйича ишлашни режалаштирмаган. У университетни тамомлагач, қаерга ишга киришни билмаган ва ўз келажагини танланган бизнес-менежмент йўналиши билан боғлай олмаган.

Абдуазим мутахассислиги бўйича бир кун ҳам ишламаган. Лекин бу билан бирга у танланган йўналиш унга тўғри келмаслигини ҳам аниқ тушунмаган. У 18 ёшида, университетга ўқишга кириш билан бир вақтда ўз ҳаётини ўзгартириш учун имкониятларни излашни бошлаган. Илк сезиларли натижалар биринчи босқични якунлашга озгина қолганда пайдо бўлган.

У сартарошлик касбини ҳам олдиндан ўйланган режа билан бошламаган. Ота-онаси унга келажакда керак бўлиб қолиши мумкин бўлган бирон ҳунарни ўрганишни тавсия қилишган.

«Менга “ҳеч бўлмаса битта ҳунар ўрган” дейишган. Мен бу касбда ишлашни ўзим хоҳлаганим ёки қизиққаним учун бошламаганман», – дейди Абдуазим.

Лекин унга болалигида соч кесиш ва бу ишда ёрдамлашиш ёққан. Аммо у бу қизиқиши ҳақида ҳеч кимга айтмаган ва кун келиб сартарош бўлиб ишлаши ҳақида ҳам ўйламаган.

Аввалига Абдуазим бўш иш ўрни бўлган оддий салонга ишга кирган. Деярли ҳаммасини бошидан ўрганган. Керакли кўникмаларга эга бўлиш ва тажрибали сартарош даражасига чиқиш учун унга бир ярим йил атрофида вақт керак бўлган.

Лекин юқори босқичга чиққач, у ўз танловидан яна шубҳаланишни бошлаган. Даромад қониқтирмаган, танишлари эса бирин-кетин ушбу соҳадан кетган. Барберингда унинг тенгдошлари ва устозигина қолган.

«Бу мен учун катта зарба бўлган. Мен ҳам касбимни ўзгартиришим кераклигини ўйлашни бошлаганман», – дея тан олди у.

Унинг оиласи ишини ўзгартиришига қарши бўлмаган. Яқинлари вакансиялар излашга ёрдам беришган ва турли вариантларни муҳокама қилишган. Лекин мос вариант топилмаган ва у ҳаммасини борича қолдиришга қарор қилган.

У ушбу касбда ишлашни 2020 йилда бошлаган. Тажриба орттириш ва ўзини аудиторияга кўрсатиш учун уч йил атрофида вақт кетган. Тахминан беш йил у ёлланма сартарош сифатида ишлаган.

2026 йилда эса Абдуазим ўзининг шахсий сартарошхонасини очган: ўз номига жой расмийлаштирган, ишларни бошидан йўлга қўйган ва мустақил равишда бизнесни бошқаришни бошлаган.

Ҳозир у 22 ёшда ва ойлик даромади 10 млн сўмдан ортиқ. Аниқ суммани эса шахсий маълумот бўлгани учун айтишни хоҳламайди. Унинг гапларига кўра, топган пули нафақат мустақил ҳаётга, балки оиласини таъминлашга ҳам етади.

Ўз мутахассислиги бўйича ишлаб қанча топиши мумкинлигини билмайди. Унинг курсдошлари ўз ҳаётини асосан иқтисодиёт билан боғлаган ва айримлари бу касбда яхши пул ҳам топишади. Лекин бунда бизнес-менежмент бўйича мутахассиснинг даромади компания ва аниқ бир бизнесга боғлиқ.

Унинг фикрича, агар одам ўз ишини билса, ишларини вақтида бажарса, мажбуриятларига масъулият билан ёндашса ва қилаётган ишини ҳақиқатдан ҳам яхши кўрса, деярли исталган касбда яхши пул топиш мумкин.

«Севимли ишингизни яхши қилишни бошлаганингизда пул иккинчи ўринга тушиб кетади ва ўзи келишни бошлайди. Бирон касбни фақат пул учунгина эгалласангиз, ўша соҳада ҳақиқатда ҳам кучли мутахассис бўла олишингиз даргумон», – деб ҳисоблайди у.

Абдуазим университетдаги ўқишини ҳали тугатмаган. Дастур беш йилга мўлжалланган: тўртта курс ортда, олдинда бор-йўғи бир йил қолган.

Олий таълим муассасасида олинган билимлар эса унга ҳали ишида ёрдам бермаган. Абдуазим университет фойдали танишлар қаторини кенгайтирди деб ҳам ҳисобламайди.

«Ҳа, мен яхши инсонлар билан танишдим, лекин улар кўп эмас. Ушбу танишувлар менинг ҳаётимда бирон нарсани ўзгартирди дея олмайман», – дея қайд этди у.

Бунга қарамасдан, у ўқишга киргани ҳақида афсусланмайди. Университет бошиданоқ асосий фаолият натижа олиб келмайдиган вазият учун қўшимча вариант бўлган.

Бугунги кунда унинг кейинги мақсади сартарошхонани кенгайтириш ҳисобланади. Ҳозирги жой жуда кичик: майдон ҳатто битта сартарошнинг қулай ишлаши учун ҳам етарли эмас. Бундан ташқари, сартарошхона Чилонзорда жойлашган, бу эса Абдуазимнинг ўзига ҳам ва мижозларнинг бир қисмига ҳам ноқулай.

Келажакда у Тошкент марказига яқинроққа кўчишни, кенг жой топишни ва бизнесни янги форматда ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Абдуазим касб борасида бирон қарорга келмаган битирувчиларга мактабни тугатибоқ университетга ўқишга киришга шошилмасликни тавсия қилади.

«Мен ҳеч бўлмаса бир йил танаффус қилишни маслаҳат бераман. 18 ёшида одамга ҳар қандай касб ёқадигандай туюлиши мумкин. Агар у ҳали бирон қарорга келмаган бўлса, барча йўналишлар қизиқарли кўринаверади», – дейди у. 

Бу вақтни ўз қизиқишларингизни аниқлаш ва танланган соҳа учун олий таълим ростдан ҳам керак ёки керак эмаслигини тушуниш учун сарфлаш зарур.

«Биринчи сизга нима ёқишини, кейин эса бу ишга диплом керакми тушуниш лозим. Агар дипломсиз ривожланишнинг иложи йўқ бўлса, ўқишга кириш керак. Агар диплом зарур бўлмаса, касбнинг ўзини ўрганишни бошлаган яхшироқ», – дея ўз фикрини якунлади Абдуазим.

Қандай қилиб муҳандис-энергетик ички ишлар органларига ўтиб кетган

Мактаб вақтида Тимур келажак учун аниқ бир режа тузмаган. У болалигида орзу қилган ягона нарса ҳарбий бўлиш бўлган. Лекин ҳаёт бошқача тус олган. Мактабдан кейин у икки марта алоқа қўшинлари офицерларини тайёрлайдиган махсус алоқа факультетига ўқишга топширган, аммо иккала имтиҳондан ҳам ўта олмаган.

Тимур бир йил икки ой армияда хизмат қилиб, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёз олган ва энергетика факультетини танлаган. Унинг сўзларига кўра, у вақтларда олий таълимга мажбурий босқич деб қаралган.

«Мен оилада ёлғиз фарзандман. Уйдагилар доим таълимсиз келажак йўқ, яхши яшаш ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслик учун ўқиш керак деб ҳисоблашган», – дейди Тимур.

Университетни тамомлагач, у Тошкент ҳудудий электр тармоқларига муҳандис-иқтисодчи сифатида ишга кирган ва у ерда икки йил ишлаган. Унинг айтишича, бошида осон бўлмаган: бир вақтнинг ўзида ўқиш ва ишни тушуниш керак бўлган. 

«Аввалига ҳеч нарсани тушунмайсиз, кейин эса секин тушунишни бошлайсиз ва профессионалга айланганингизда ишлаш осон бўлаётгани учун уни яхши кўришни бошлайсиз», – дейди у.

Лекин вақт ўтиши билан иштиёқ ўрнини ҳафсаласизлик эгаллади. Бунга асосий сабаб касбнинг ўзи эмас, балки меҳнат шароити бўлди.

Унинг ҳамкасблари ишдан бўшашни бошлаган, уларнинг вазифалари эса унга ўтган, аммо ойлик ўзгармаган.

«Бир куни ёлғиз ўзим қолганлигимни ва барча ишлар менинг зиммамда эканлигини тушундим. Масъулият кўпайди, иш ҳақи эса ўша-ўша. Ўшанда мен кетишга қарор қилдим», – дейди Тимур.

Ўша иш жойида қолиш осонроқ эди. Энергетика компаниясида Тимурга биринчи ишига киришга ёрдам берган қариндоши ишлар эди. Лекин у бирон кимнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишни хоҳламаган.

«Мен менга кейинчалик “биз сени ишга киргизиб қўйганмиз” дейишларини хоҳламаганман ва ҳаммасига ўз кучим билан эришишга қарор қилганман», – дейди у.

Касбни ўзгартириш қарори кутилмаганда пайдо бўлган. Тимур университетдан кейин олдин бирга ишлаган танишини учратиб қолган. Таниши ички ишлар органларида ишлаган ва унга ўзини янги соҳада синаб кўришни таклиф қилган.

«Танишим “у ерда нима қилиб юрибсан, менинг ёнимга кел, ёрдам бераман” деган. Шундан кейин ҳаммаси ўхшаб кетган», – дейди Тимур.

Янги иш олдингисига умуман ўхшамаган ва уни бошидан ўрганишга тўғри келган. Унинг тан олишича, бу қийин эмас, балки жуда қизиқарли бўлган.

Бугунги кунда Тимур ички ишлар органларида ишлайди. Даромад энергетика соҳасидагидан сезиларли даражада юқори, лекин иш юкламаси ҳам оғирроқ: ҳар хил жадвал, тунги навбатчилик ва дам олиш кунларининг деярли йўқлиги.

«Танганинг икки тарафи бўлади: иш ҳақи яхшироқ, лекин дам олиш кунлари йўқ».

Олий таълим ва университетда олинган билимлар эса янги касбда деярли керак бўлмаган.

Қандай қилиб университет битирувчиси такси ҳайдовчиси бўлиб, мутахассислигидагидан кўпроқ пул топмоқда

Болалигида Дониёр ўзини машинист сифатида тасаввур қилган, лекин мутлақо бошқа йўналиш – Архангельск давлат техника университетининг «Сув биологик ресурслари ва аквакультура» йўналишида ўқиган.

Касб танлови болаликдаги орзу билан ҳам, балиқчиликка бўлган онгли қизиқиш билан ҳам танланмаган. Ўқишга кириш ҳақидаги қарорни унинг ўзи қабул қилганилигига қарамай, ҳаёт шуни тақозо қилган.

«Ҳаммаси одатий бўлган. Барчаси қизиқ бўлган дея олмайман, лекин ёмон ҳам бўлмаган. Ўқиш осон бўлган», – дейди у.

Танланган йўналишга шубҳа ўқишга киргандан кейин пайдо бўлган. Дониёрнинг тан олишича, у бошиданоқ мутахассислиги бўйича ишлашни режалаштирмаган ва фақат диплом учун ўқиган.

«Мен ўқишга кириш вақтидаёқ шубҳаланганман. Шунчаки диплом олишни ва олий маълумотли одам бўлишни хоҳлаганман. Бу касбда ҳеч қачон ишламасам керак деб ўйлайман», – дейди Дониёр.

Бу унга мос эмаслиги ҳақидаги ўйлар университетни танлаш жараёнидаёқ пайдо бўлган. Лекин у ҳаётни бирданига ўзгартириш ва ҳаммасини бошидан бошлаш кераклигига зарурат сезмаган.

«Менда бирон қийинчиликларни енгиб ўтишим кераклиги ҳақида ҳислар бўлмаган. Мен шунчаки университетга ўқишга кириб, ўқиганман», – дея эслайди у.

Университетни тамомлагач, Дониёр мутахассислиги бўйича иш изламаган. Ўша вақтда унга пул керак бўлган, ўз номида эса фақат автомобили бўлган. Шу тариқа у таксичи бўлиб ишлашни бошлаган.

«Менинг машинам бўлган, шунинг учун таксичилик қилишни бошлаганман. Пул керак бўлган, ҳаётий вазиятлар ҳам мени шу ишга олиб келган», – дейди у.

Бу ишда у ойига $1500 атрофида, баъзан эса бундан ҳам кўпроқ топади.

Унинг айтишича, агар у ўз мутахассислиги бўйича ишлаганда, унинг ойлиги тахминан 8 млн сўм бўлар эди. Ҳозирги даромади бундан сезиларли даражада юқори ва бу ишда мутахассислик бўйича дипломнинг кераги ҳам йўқ.

Лекин у ўқиш вақтида олинган билимлар умуман фойдасиз деб ҳам ҳисобламайди. Ишда билимлар ҳали керак бўлмаган, лекин балиқларни яхши билишга ёрдам берган.

«Дўстларимиз билан йиғилганда балиқлар мавзуси очилса, мен бирон нарсани тушунтириб беришим мумкин. Ўзим учун эса қайси балиқни танлаш ва қайси бири мазалироқ эканини биламан, – дейди у.

Дониёр ҳозирги ишини диплом бўйича касби билан солиштира олмайди, чунки у бу йўналишда ҳеч қачон ишламаган. Аммо ўқишга кетган йилларни йўқотилган вақт деб ҳисобламайди.

«Бу муҳим босқич эди. Олий таълим ҳали керак бўлмади, лекин балки бирон куни керак бўлиб қолар».

Эндигина бўлғуси касбини танлаётган мактаб битирувчиларига Дониёр қарорни атрофдагиларнинг таъсири остида қабул қилмасликни ва хато қилишдан қўрқмасликни маслаҳат беради.

«Ҳаммага қулоқ солиш шарт эмас. Ўзингиз тўғри деб билган нарсани қилиш ва қўрқмаслик керак. Биринчи йил ўхшамаса, келаси йил ўхшайди. Иккинчи уринишда ҳам ўхшамаса, учинчисида эплайсиз», – деб ҳисоблайди у.

Олий таълим муассасалари битирувчилари тобора кўпайиб бормоқда, лекин улар мутахассислиги бўйича ишлаяптими?

Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш муаммоси давлат даражасида тан олинган. 2026 йилнинг июль ойида ушбу масала Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да ҳам муҳокама қилинган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, олий таълим муассасаларига қабулни меҳнат бозори эҳтиёжлари, соҳа талаблари ва битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичлари билан узвий боғлаш режалаштирилмоқда.

Ёш мутахассисларнинг сони ҳар йили ўсиб бормоқда. 2025/2026 ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасаларини 323 000 дан ортиқ талаба якунлаган. Қайд этилишича, 2027 йилда меҳнат бозорига 390 000 дан кўп битирувчи келиши кутилмоқда.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш учун 2026 йилда 7700 дан ортиқ иш берувчилар билан 378 та вакансиялар ярмаркаси ва 1243 та маҳорат дарслари ўтказилган. Тадбирларга 144 000 дан кўп битирувчи ташриф буюрган, лекин уларнинг атиги 18 000 нафари иш бўйича олдиндан келишувга эришган.

Яна 60 000 га яқин талаба ва битирувчилар «TalabaExpo – 2026» кўргазмасида қатнашган. Тадбир якунларига кўра, иш берувчилар 9347 нафар киши билан ишга жойлашиш бўйича олдиндан келишувга эришган.

Бандликни мониторинг қилиш учун талабаларга мутахассислиги бўйича иш, иш берувчиларга эса мос номзодлар таклиф қилинадиган career.edu.uz платформаси ҳам ишга туширилди. Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилнинг май-июнь ойларида ишга кирмаган битирувчилар сони деярли 19 000 нафарга камайган.

Лекин бошқа савол очиқ бўлиб қолмоқда: қанча ёш мутахассислар айнан ўқиган мутахассислиги бўйича ишламоқда. Ушбу саволни муҳокама вақтида депутатлар ҳам кўтаришди ва олий таълим муассасаларининг самарадорлигини фақатгина ишга жойлашган битирувчиларнинг умумий сони билан эмас, балки уларнинг иши диплом билан қанчалик боғлиқлиги билан ҳам баҳолашни таклиф қилишди.

Бугун, 15:15
53
0

Изоҳ

Бошқа мақолалар

Яна кўриш