“Одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш чораларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.
Қарорга кўра, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидан Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилади.
2021 йилдан бошлаб Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази учун ажратилган ўринлар сони 50 тага оширилади.
Қолаверса, ушбу марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳар бири 30 ўринга мўлжалланган ҳудудий филиаллари ташкил этилади.
Молия вазирлигига Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга мувофиқ Марказнинг моддий-техника базасини ривожлантириш юзасидан зарур маблағлар ҳамда қўшимча штатлар ажратиш вазифаси юклатилди.
Яқинда Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.Б. одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги аниқланганди. У Instagram орқали “ўлжалари”ни топган. Хорижга юборилганларга таҳдид қилиб, ҳар биридан $8 000 доллар талаб қилгани айтилганди.
Аввалроқ Тошкентда фуқаро Зокирова Шойиста бир неча қизни Туркияга фоҳишаликка юбормоқчи бўлганида қўлга олинганди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётганини таъкидлаганди.