Бухорода Ички ишлар органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқародан 45 млн сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахс ушланди.
Аниқланишича, муқаддам фирибгарлик ва пора бериш жиноятларини содир этганлиги учун айбли деб топилиб, озодликни чеклаш тарзидаги жазо муддатини ўтаётган Ғиждувон тумани "А. Қодирий" маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Ж.К. ўзига нисбатан қўлланилган жазодан тегишли хулоса чиқармасдан, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади.
У Қоровулбозор тумани "Имом Бухорий" маҳалласида яшовчи Д.О.нинг ишончига кириб, вилоят ички ишлар бошқармаси ва Ўзбекистон Миллий Гвардияси Бухоро вилояти бошқармасида юқори лавозимларда ишлайдиган мансабдор танишлари орқали, унинг ўғли Н.Ё.ни ички ишлар органлари тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, Ж.К. 2019 йилнинг ноябрь ойидан 2020 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида анча миқдорни ташкил қилувчи жами 45 миллион сўм нақд пулларини қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ж.К.га нисбатан Қоровулбозор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.