Бугун, 17 июль куни ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари бўйича Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Хусусан, истеъмолчилар сув тармоғига уланмагани сабабли даромадлар олинмаётгани учун масъул раҳбарларнинг иши танқид қилиниб, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига йил якунига қадар жами 2,5 миллион истеъмолчини тармоққа улаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, видеоселектор йиғилишида уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ширкатларнинг муаммоли қарздорлигини қисқартириш, кўп қаватли уйлар бошқарувини сервис компанияларига бериш тажрибасини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Куз-қиш мавсумида узоқ ҳудудларга кўмир ва суюлтирилган газни кафолатланган тарзда етказиб бериш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, такрорий экинларни кўпайтириб, уларни харид қилиш ва ғамлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Кам таъминланган оилалар аҳволига алоҳида эътибор қаратиш, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 30 мингта муҳтож оилани куз-қиш мавсуми учун зарур озиқ-овқат ва дори-дармон захираси билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисобот берди.