Самарқандда ОТМга ўқишга киришдаги коррупция билан боғлиқ бир нечта ҳолат аниқланган.
Хусусан, 1 июль куни Самарқанд вилоят ИИБга 25 ёшли Б.Б. фуқаро Х.Ж. уни танишлари орқали Самарқанд ветеринария медицинаси институтига $5000 эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилаётгани бўйича ариза берган.
Аризага асосан, 2 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 37 ёшли Х.Ж. 5000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яна бир тезкор тадбир давомида Самарқанд давлат университети ходимлари ва 2020/2021 ўқув йили учун қабул комиссиясининг аъзоси пора олаётганларида қўлга олинган. Фуқаролар икки нафар абитуриентга 6000 доллар эвазига ушбу ОТМга ўқишга киритиб қўйишни айтишган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, мазкур ишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.