Йиғилишда янгича шароит ва талаблар асосида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Транспорт вазирлигига Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Европа-Хитой йўналишида юк ташиш бозорига кириш орқали қўшимча даромад олиш, жорий ва инвестициявий харажатларни оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, Uzbekistan Airways'ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.
Аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.
"Ўзбекистон темир йўллари" таркибидаги носоҳавий корхоналарни оптималлаштириш, тарифларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, вагон ва локомотив паркини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланди. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Президент ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этди. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган “фойдаланувчи тўлайди” тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
"Қамчиқ" довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи "Тошкент-Андижон" пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.