Аввалроқ Имон Каримова ўзининг Instagram саҳифасида онасини прокуратура ходимлари номаълум йўналишда олиб кетишгани ҳақида хабар берган эди.
Бош прокуратура нега Гулнора Каримова олиб кетилганини тушунтириб берди.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримовага 2017 йилнинг 18 декабрида 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабарида айтилган.
Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.
Шу билан бирга, Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.
Маҳкума Г.Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.
“Лекин маҳкума Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган” , – дея қайд этилган Бош прокуратура хабарида.
Хусусан, маҳкума Г.Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Огоҳлантиришга қарамасдан, Г.Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан:
– мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланган;
– жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.
Г.Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.