Интернет тизимидан фойдаланиш фуқароларнинг кундалик турмуш тарзининг бир қисмига айланиб улгурди. Тўғри бугунги кунда интернет тармоғидан фойдаланиш учун фуқаролар қанчадир маблағ сарфлашади. Аммо айрим “устамон” шахслар ўзининг ахборот технологиялари соҳасида ўзлаштирган билимларидан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланишга уринаётгани тўғрисидаги гаплар ҳам гоҳида қулоғимизга чалиниб қолади.
Урганч шаҳар ИИБга “уяли алоқаси воситасидаги интернет трафиклари тўсатдан йўқолиб қолаётганлиги” тўғрисида бир неча фуқародан мурожаат келиб тушади.
Кибержиноятчиликка қарши кураша оладиган, замонавий билимларни пухта ўзлаштирган тезкор ходимлар томонидан олиб борилган текширув-суриштирув ишларини жараёнида Урганч шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, И.Д. нинг кирдикорлари фош этилди.
Ўзини ахборот ва компьютер техникасидан фойдаланишда “устамон”лардан бири деб ҳисобловчи ушбу шахс, 2012 йилнинг декабрь ойидан 2018 йилнинг июнь ойигача бўлган давр оралиғида 58 нафар фуқаронинг қарийб 13 ярим миллион сўмлик интернет трафикларини ўғирлаб келганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан И.Д. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми (Ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.