Қайд этилишича, 2020-2021 йилларда истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш базасида юқори вазнни эгалловчи энергия ресурслари, жумладан электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи деярли ўзгармаган.
Бюджетномага мувофиқ мазкур ресурслар нархлари 2022 йилда индексация қилиниши кўзда тутилмоқда.
Ҳисоб палатасининг ҳисоб-китобларга кўра, ушбу товар ва хизматлар нархининг ошиши, уларнинг истеъмол нархлари индексини ҳисоблашдаги вазнидан келиб чиқиб, умумий индекс миқдорининг 1,52 ф.д.га ошишига олиб келади.
Ҳисоб палатасининг маълум қилишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, энергия ресурслари тариф нархларининг 2022 йилда кескин оширилиши фонида, жорий инфляция даражасининг ўтган йилга нисбатан пасайишини таъминлаш учун бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини сезиларли даражада пасайтириш талаб этилади.
Бунинг учун ҳукумат ҳамда тармоқ вазирлик ва идораларига истеъмол таркибидаги юқори вазнга эга озиқ-овқат (гўшт, ун маҳсулотлари, мева-сабзавотлар), ноозиқ-овқат товарлари (кийим-кечак, қурилиш моллари) ва бошқа хизматлар (транспорт ва алоқа)га бўлган талабни тўлақонли таъминлаш орқали, улар нархларининг барқарорлиги таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилади.