Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда "Миздакхон комплекси" ҳудудида жойлашган Ҳалифа Ражаб (Ережеп) мақбараси тарихий ёдгорлиги ҳудудида янги қабрлар учун ерлар сотилаётганлиги ҳақида хабар тарқалди.
Маданий мерос агентлиги ҳолат бўйича изоҳ берди.
Қайд этилишича, октябрь ойида Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармаси томонидан "Миздакхон комплекси" тарихий обидалар ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, "Миздакхон комплекси"дан қабристон сифатида фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, Хўжайли туман ободонлаштириш бошқармасига тарихий обидалари ҳудудида қабрларнинг жойлаштирилишини назоратга олиш вазифаси юкланган.
Аммо ҳозирги вақтда бошқарма томонидан ушбу маданий мерос объекти атрофида янги қабрларнинг жойлаштирилишини тўхтатилиши тўлиқ назоратга олинмаган.
1 декабрь куни Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Турсунали Кузиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганиш ишлари олиб бориш жараёнида мазкур масала назоратга олинди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармасига маданий мерос объекти ҳудудини муҳофаза қилиш ва асрашга доир кўрсатмалар берилган.
Ҳозирда Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.