Сергелида "Узмилл" МЧЖ ҳудудида жойлашган ишчилар ётоқхонасида газ қувурларининг носозлиги туфайли ёнғин содир бўлгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу нохуш ҳодиса туфайли жабрланганларнинг саломатлигини жиддий назоратга олди.
Хусусан, ёнғин натижасида турли даражадаги куйиш тан жароҳатларини олган 18 нафар фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилди.
Айни пайтда барча беморларга белгиланган стандартлар бўйича зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажа жараёнлари давом этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғиндан жабрланган шахсларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муолажаларини олмоқда.