Ўзбекистонда Йўл-патруль хизмати ходимларига янги намунадаги алкотестер қурилмаси тарқатилди. Ҳозирча республика бўйлаб 150 та шундай мослама ЙПХ ходимларига етказилган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар берди.
ЙПХ ходими ҳайдовчини спиртли ичимлик таъсирида деб гумон қилганда Алкостоп 8000S алкотестер мосламаси ёрдамида уни тўхтатилган жойнинг ўзида текширувдан ўтказади.
Қайд этилишича, қурилма актив ҳамда пассив режимда ишлатилади. Пассив режимда ҳайдовчи тўхтатилган пайтда ЙПХ ходими алкотестернинг пуфлаш томонини ҳайдовчига яқинлаштиради. Мослама 5–10 сантиметр масофада ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғлари орқали унинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани ёки йўқлиги маълум бўлади.
Агар у спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлса, алкотестердаги миллиграмм кўрсаткичи кўтарилади. Сўнг ҳайдовчининг маст ёки маст эмаслигини аниқлаш учун қурилма актив режимга ўтказилади ва бир марталик ускуна мосламага ўрнатилади. Мосламада камера бўлиб, пуфлаш жараёнида ҳайдовчининг юз қисмини тасвирга олади ва чекда акс эттиради.
Белгиланган тартибга кўра, ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғларининг концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган тақдирда маст деб топилади ва унга нисбатан МЖтКнинг 131-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Нукусда ЙПХ ходими алкотестер ўрнига ўзининг телпагидан, Самарқандда қоғоздан фойдалангани ҳақида хабар бергандик.