Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абдужаббор Рахмонзода 8 декабрь куни Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси учун янги бино қурилишига старт берди. Тожикистон элчихонасининг янги биноси 1,40 гектарлик ҳудудда қад ростлайди.
Қайд этилишича, Элчихона учун ер ажратиш бўйича Тожикистон билан Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида келишувга эришилган.
Лойиҳага кўра, Элчихона мажмуаси Тожикистон дипломатик миссияси раҳбарининг қароргоҳи, консуллик биноси, элчихона ходимларининг яшаш хоналари, зиёфат ва конференц заллар, спорт майдончаси ҳамда автотураргоҳдан иборат бўлади.
"Тожикистон президенти Эмомали Рахмоннинг ушбу ташаббуси икки мамлакат ва икки қардош халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда ва ўзаро ҳамкорликларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга", - дея таъкидланади Тожикистон ташқи ишлар вазирлигидан тарқатилган хабарда.