Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов 30-31 декабрь кунлари Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилди. Мутахассис шунингдек, мамлакатда нима сабабдан қишда қор ёғиши камайиб бораётганини айтди.
"Глобал иқлим ўзгариши бизнинг минтақада илиқ қиш кунлари сонининг ортиб кетиши билан намоён бўлмоқда.
Ўзбекистонда қиш мавсумида қор ёғиши учун шимол ва шимоли ғарбдан совуқ ҳаво оқимлари тез-тез республика ҳудудларига кириб келиши керак бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг минтақада айни шу ҳаво оқимларидан қор ёғади.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида совуқ ҳаво оқимларининг республика ҳудудларига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан нақд икки баробарга камайган. Бунинг натижасида, 2016 йилдан бошлаб, қишда ёғиб ўтган қорлар давомийлиги ва ерда ҳосил бўлган қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолатлари кескин камайиб кетди. Бир сўз билан айтганда, қиш мавсумида илиқ қиш кунлари сонининг ортиши кузатилмоқда", - дейди мутахассис.