Президентимиз кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади.
"Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур", - деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар олдида турган муҳим вазифалари ҳақида сўз юритилди. Амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.
Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.