Аввалроқ, ижтимоий тармоқда тарқалган Навоийда ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасида жанжали юзага келгани акс этган видео бўйича муносабат берилганди.
Унга кўра, 2022 йил 22 январь куни соат соат тахминан 12:20 да Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги йўлда йўлида ЙПХ Matiz ҳайдовчиси тўхтатганида ҳайдовчининг тегишли ҳужжатлари йўқлиги сабаб ходим томонидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилган.
Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кетилаётган вақтда 1993 йилда туғилган ҳайдовчи А.Т. ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ва тортишувли вазият юзага келган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи А.Т.га нисбатан ЖКнинг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми "а" банди ҳамда 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, ЙПХ инспекторининг кўз пастки қовоғида, бўйин орқа соҳаси ва ўнг қўл тўртинчи бармоқ-тирноқ фалангаси соҳаларида шилинмаслари каби тан жароҳатлари Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиалининг 23 январдаги маълумотномасига кўра, енгил тан жароҳати деб топилган.
"ЙПХ ходимини урганимдан жуда ҳам афсусдаман. Бу нарса қайта такрорланмайди. Қилган ишимдан пушаймонман", - деди ҳайдовчи.
"ЙПХ инспектори ҳам аввало инсон. У ҳам кимнингдир фарзанди, кимнингдир оила аъзоси. Унинг шаъни қадрсизланишига сабаб бўлиш, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаради. Содир бўлган ҳолат барча ҳайдовчиларга дарс бўлиши керак, - дейди Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ўткам Усмонов.