Тошкент ҳайвонот боғи Матбуот хизмати хабарига кўра, 3 ёшли жабрланувчи қиз Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанмоқда.
Қайд этилишича, фожиа содир бўлган кун болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургияси бўлимига олиб келинган жабрланувчи қизалоқ тинимсиз шифокорлар назорати остида бўлди. У ерда бир кунини ўтказиб, интенсив терапия хонасига ўтказилган.
"Айни дамда қизалоқнинг ҳолати турғун деб баҳоланмоқда. Динамикада назорат кўриги ўтказилди. Қизалоқ келажакда ушбу ҳодиса асоратларидан азият чекмаслиги учун биз бор имкониятларни ишга соляпмиз", – деган даволовчи шифокор ва тиббиёт фанлари номзоди Собир Насимов.
Таъкидланишича, қизалоқнинг кайфияти яхши. У ҳамшираларга шеърлар айтиб, уларнинг кўнглини кўтармоқда.
Шунингдек, Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти ўз навбатида, уни совғалар билан сийлаган. Қўшимча равишда, қизалоқ ва унинг акасига Тошкент ҳайвонот боғига бир умр бепул кириш имкониятини таъминлаган.