Жорий йилдан бошлаб Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимлари зарурат туғилганда ўқотар табель қуролига муқобил тарзда электрошок қурилмаларидан фойдаланишлари мумкин. Бу ҳақда шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.
Меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари жамоат тартибини сақлаш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадида ушбу ускуналар билан таъминланди.
Электрошок қурилмалар ҳуқуқ-тартибот ҳимоячиларининг фаол ҳимоя воситаси бўлиб, турли ҳуқуқбузарликлар содир этган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган ёки унга фаол қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ва ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида аксарият ходимлар билан ўқув машғулотлари ўтказилди ва синов имтиҳонларини муваффақиятли топширган ходимларга сертификатлар топширилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари "Қурол тўғрисида"ги ва "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ махсус воситалар, шу жумладан электрошок қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.