Шоир Усмон Азим қаламига мансуб “Карвон” номли шеърдан муаллифнинг розилигини олмаган ҳолда ёки шартнома тузмасдан қўшиқ ижро этган San Jay номи билан танилган хонанда Санжар Жавбердиевга нисбатан суд ҳукм чиқарди.
“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунининг 62-моддасига асосан ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, суд томонидан тарафлар ўртасида келишувга эришилмаганлиги, муаллифнинг розилигисиз унинг шеъридан фойдаланилганлиги инобатга олиниб, жавобгар Санжар Жавбердиевдан шоир Усмон Азим фойдасига БҲМнинг 200 баравари (54 млн сўм) миқдорида товон пули ва 40 млн сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Санжар Жавбердиев бундан аввал ҳам Шерали Жўраев қаламига мансуб “Гулбадан” ҳамда “Атиргулим атрингни соч” номли шеърий асарларидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз, ноқонуний тарзда фойдаланганлиги сабаб жазоланганди.