• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 24 февраля 2022

Фанлар академияси Ўзбекистонда илм-фан жар ёқасига яқинлашиб бораётгани ҳақидаги мурожаатга муносабат билдирди

Аввалроқ, Тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашиб бораётганини айтиб, ўзбек олимларига мурожаат қилганди.

926
0
Yandex

Фанлар академияси профессорнинг мурожаати юзасидан баёнот берди.

Унда қайд этилишича, тиббиёт академияси профессорининг ижтимоий тармоқларда илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиқишини сўнгги йилларда мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг натижаси, деб қараш мумкин.

"Мақола муаллифи, “куйинчаклик” билан етарли даражада асосланмаган шахсий хулосасини ижтимоий тармоққа чиқиб, жар солиши, назаримизда, илмий этикага тўғри келмайди.

“Келинг ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда”, деб ёзади муаллиф. Бироқ, мазкур фикрни асословчи бирор факт келтирмайди. Агар реал фактларга, мавжуд статистика ва рақамларга суянадиган бўлсак, сўнгги беш йилда Ўзбекистон илм-фани янги поғонага кўтарилаётгани, аниқ ва ижтимоий-гуманитар фан кесимларида олимларимиз, айниқса, ёшлар катта муваффақиятларга эришаётганининг гувоҳи бўламиз.

“Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди” деб ёзади, олим. Агар муаллифнинг фикри асосли бўлса, ўз иддаосига аниқ далиллар келтириши лозим ва бу фактлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Кейинги жумлада: “Илм қила оладиган ходим ҳам, қила олмайдигани ҳам диссертация ёқлашга ундалмоқда”, дейилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳеч кимни илм қилишга мажбуран ундашга ҳожат йўқ. Бугун илмий даражага эга бўлган олимларнинг маошига 30-60 фоизлик устамалар тўланаётганлиги боис кимгадир “илмий иш ёқлайсан”, дейишга ҳожат қолмади. Аксинча, имкониятдан фойдаланган ҳолда, илмий ташкилотларда илмий даражага эга бўлиш суратлари ўсмоқда, бу ҳам табиий жараён" , - дейилган мурожаатда.

Мурожаатда келтирилишича, биргина Фанлар академиясига сўнгги 3 йилда давлат бюджетидан деярли 800 млрд сўм ажратилган. Олимларнинг маоши эса қарийб 2 ярим баробарга оширилган. Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг ойлик маошлари тўлиқ бюджетдан молиялаштиришга ўтказилди.

Шунингдек, академия расмийлари профессорнинг Сардоба бўйича фикрларига жавобан юзага келган ҳолатни атрофлича ўрганиш, унинг оқибатида етган талофатларни бартараф этиш ҳамда келгусида бўлиши мумкин бўлган шундай фожиаларнинг олдини олиш бўйича Фанлар академиясининг олимлари эксперт сифатида ўз фикрларини билдирганини таъкидлади.

“Бирорта оламшумул янги кашфиёт йўқ!”, деб қўшимча қилади муаллиф. Бундай иддаодан олдин ҳеч бўлмаганда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бериб борилаётган илмий янгиликлар билан танишиб бориш керак.

Ҳозирги кунда ҳам Фанлар академиясида самарали фаолият олиб бораётган ва дунё миқёсида танилган олимлар талайгина. Уларни санаб ўтишга битта мақоланинг ҳажми камлик қилади. Далилларимиз асосли бўлиши учун атиги битта мисолни келтирамиз.

Академик Ш.Аюпов раҳбарлигида фаолият юритаётган Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти математика фанини ривожлантиришда математик тадқиқотларнинг жаҳон даражасида эътироф этилган марказлардан бирига айланганини таъкидлаш лозим. Институтда математика соҳасида илмий мактаблар шаклланди ва улар муваффақиятли ривожланмоқда. Қатор математиклар эса нуфузли Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзолигига сайланган. Бонн, Кембриж, Париж, Сеул, Сантьяго де Компастела университетлари ва бошқа илмий марказларнинг олимлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда илмий ходимларнинг ўртача ёши 47 ёшни ташкил этмоқда. Институт учун энг замонавий бино қуриб берилди.

Булар “хамир учидан патир”, холос. Демак, Фанлар академиясини “ухлашда” ва “Янги Яҳё Ғуломовлар”нинг йўқлигида айблашдан олдин “уйқудан уйғониш”ни ва илмий соҳада эришилаётган ютуқлар билан, ҳеч бўлмаганда, кундалик берилаётган янгиликлар орқали танишиб чиқишини тавсия қиламиз", - келтирилади баёнотда.

Шунингдек, қайд этилишича, муаллифнинг бу мурожаатни ёзишдан асл мақсади бошқа экани, кейинги жумлалардан янада ойдинлашади: “Ахир бундай инсонлар сизлар ёмонлайдиган Совет Ўзбекистонида етишиб чиққан эдику”.

"Фанлар академиясида ҳеч бир олим, муаллиф урғулаётгандек, “Совет Ўзбекистони”ни ёмонламаган, қоралаб мақолалар ёзмаган. Фақат шўро тузуми сиёсатини қоралаган, бунинг фарқига бориш керак.

Кейинги вақтларда, қўшни давлат ҳамда собиқ иттифоқ мамлакатларида бўлиб ўтаётган воқеалар оқимига назар ташлайдиган бўлсак, муаллиф бу каби саволларни бекорга ўртага ташламаётганини сезиш унчалик қийин эмас. Собиқ Иттифоқ давридаги ҳаётни улуғлаш, унга маҳлиё бўлиш ва яна қайтиб ана шу иттифоқ таркибига киришга ундашга чақирувчи бундай мурожаатлар олдин ҳам бўлган, бундан кейин янада авж олиши эҳтимолдан холи эмас.

Муаллиф мурожаатидаги “Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва халқ олдида бир пуллик обрўси йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик”, каби жумлалар нафақат ўзбекона одоб-ахлоқ маданияти, балки мавжуд меъёрий қонунларга ҳам зид келади-ки, бу иддаони муаллиф ё аниқ фактлар асосида исботлаб бериши ёхуд қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

Назаримизда, унинг бу каби мурожаатнома билан чиқишидан олдин, мамлакатимиздаги мавжуд қонунлар билан яхшилаб танишиб чиқишини, асоссиз туҳмат, жамоатчилик олдида беобрў қилиш учун жавобгарлик белгиланганини унутмаслик кераклигини, эслатиб қўйиш жоиз деб биламиз.

Эътиборли жиҳати, бирор муаммони кўтариб чиқиш, камчиликни кўрсатиш осон, лекин негадир профессор ўз чиқишларида муаммони кўтаргану, унга ечимни таклиф қилмаган. Илм-фан соҳасининг вакили ўлароқ, фан ривожи учун ўзи бирор янгилик қилганми?, деган савол табиийки барчада уйғонади?!", - дейилган Фанлар академияси баёнотида.

926
0