Баҳорнинг биринчи ойи кириб келди. Бу йил ҳам, Ўзбекистонда тез-тез кузатилгани каби, февраль ойида айрим кунлар баҳорий илиқ бўлди.
Март ойи ҳарорат кўтарилиши билан бошланади. 1-4 март кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 4 мартга келиб ҳаво кундузи +20...+23 даражагача бўлади.
Ушбу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво кутилмоқда, фақат республиканинг айрим ҳудудларида 1 мартда кундузи ва 2 мартга ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин.
5 мартдан бошлаб об-ҳаво ёмонлаша бошлайди. Республика бўйича ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, баъзи жойларда кучли шамол эсиши ва март ойининг биринчи ўн кунлиги учун меъёрга яқин қийматларгача ҳаво ҳарорати пасайиши мумкин.
Кейинчалик эса ой охиригача март ойига хос бўлган беқарор об-ҳаво кутилмоқда.
Баҳорнинг биринчи ойи ҳарорат кескин ўзгариши билан тавсифланади. Бунда тез исиш даврлари кескин совуқ даврлар билан алмашади, баъзида эса қисқа муддатга ёмғир қорга айланиши ва кечаси ҳарорат манфий қийматларгача пасайиши билан кузатилади.