Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Андижонда самосуд қилинган ва кўча болалари томонидан калтакланган бола ҳақида видеолавҳа тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Матбуот хизмати муносабат билдирди.
Аниқланишича, Шоҳжаҳон Азимов, Шаҳбозбек Маъруфжонов ва Илҳомжон Тошматов олдиндан ўзаро келишиб, ижтимоий тармоқлардаги обуначилари ва кўришлар сонини кўпайтириш ва сохта машҳурликка эришиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилган.
Улар 6 март куни соат 16:30 ларда ўзларига таниш бўлган Раҳматилло Мусаевга қўнғироқ қилишиб, “Фирибгар” номли қисқа метражли видеоролик ишлашаётганини айтишган ва унга фирибгар ролини ўйнаб беришни таклиф этишган.
Унинг розилиги билан Пахтаобод тумани “Дурдиёр” МФЙда жойлашган 22-уйда фирибгар ушланиб, дўппосланганлик ҳолати саҳналаштирилган. Ушбу ҳолатлар Қўзиев Шоҳрух томонидан тасвирга олинган.
"Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ҳеч қандай тажовузкорлик, қасддан кимгадир шикаст етказиш мақсадида олинмаган. Видеони ўзимизнинг ошна-оғайнилар YouTube, Instagram учун қисқа сериал ишламоқчи бўлиб, олганмиз", - дейди видеода иштирок этган йигитлардан бири.
Шунингдек, иккинчи тарқалган видеотасвирда Шоҳжаҳон Азимов ва Илҳомжон Тошматов ижтимоий тармоқлар орқали Шоҳрухбек Султонов билан ёзишмаларда ўзаро тортишиб кетиш давомида 7 март куни соат 19:00 ларда Избоскан тумани “Қўғай” МФЙ ҳудудида кўришиб орани очиқ қилиш мақсадида жанжаллашишади.
Ушбу жараёнлар Илҳомжон Тошматов телефонига тасвирга олиниб тарқатиб юборилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.