Президент томонидан кеча, 15 март куни имзоланган қарорга кўра, “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида маҳаллаларда ҳаётий ва катта амалий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли нуронийлар ва зиёлиларни ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларга бириктириш орқали уларни жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш дастурларини ишлаб чиқилади.
Маҳаллалардаги ёшларнинг тарбияси ва ахлоқида бўлган ижобий ўзгаришлардан келиб чиқиб нуроний ва зиёлилар рағбатлантириб борилади. Маблағлар “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Бунда, маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича нуронийларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Шунингдек, олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва мактабларда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида ҳаётий тажрибага эга бўлган нуронийлар билан очиқ давра суҳбатларини, шу жумладан, видеоконференция тарзида ташкил этилади.
Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексаларни маънавий-руҳий ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида жойлардаги давлат органлари ва муассасаларининг малакали психологлари, фаол ёшлардан иборат бўлган волонтёрлик гуруҳларини ташкил қилинади.
Қарорда белгиланишича, 2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатда фаол қариш индекси жорий этилади.