Тошкент шаҳрида табиий қимматбаҳо тошни 220 000 АҚШ долларига сотаётган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрида Ҳ.Х., М.С. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 1 дона (ҳақиқий баҳоси 30 млн сўм бўлган) табиий тошни 220 000 АҚШ долларига қонунга хилоф равишда ўтказган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, улардан жами 4 та табиий тош ҳамда симоб моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, тошларнинг соф оғирлиги 333,8 граммни ташкил этиб, таркиби рубин, кварц, флюорит, гранат, пироп ва сапфир бирикмалардан иборат табиий қимматбаҳо тош эканлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.