Оммавий ахборот воситалари фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов тошкентлик таниқли журналист, Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежковни судга берди. Бу ҳақда Алламжоновнинг ўзи видеомурожаат қилди.
Унинг айтишича, 21 февраль куни Сергей Ежков ўзининг сайтида "Бриллиантовый мальчик" деган туҳматли мақола эълон қилиб, унда Алламжонов 4 миллион 200 минг АҚШ доллари қийматидаги заргарлик буюмларини ноқонуний олиб киришга шерикликда айблаган. Алламжонов буни Жиноят кодексининг 182-моддаси «Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш»да назарда тутилган оғир жиноят содир этганлик дея баҳолади.
"Албатта, мен Сергей Ежковни шахсан билмайман. Одамларнинг айтишича, 2016 йилгача бу сайт маълум бир махсус хизматларнинг айрим шахсларни қоралаш бўйича буйруқларини бажарган. Мен аниқ билмайман", - дейди Комил Алламжонов.
Шунингдек, Алламжонов мазкур айблов юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгани ҳамда ҳолат юзасидан суд қарор чиқариши кераклигини маълум қилди.
"Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, агар Ежков ўз мақоласида кўрсатган ҳолат бўйича далил-исбот келтира олмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси, 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиши мумкин ва у қонун олдида жавоб бериши лозим бўлади.
Ҳаммасини қонун ва суд ҳал қилиши керак. Мен барча керакли маълумотларни тақдим этишга тайёрман", - деган васийлик кенгаши раиси.